Почта алоқаси ривожи йўлида

300
3 минуты
Почта алоқаси ривожи йўлида
Сўнгги йилларда юртимизда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш
тизимини тубдан такомиллаштирилди. Энг аввало соҳанинг қонунчилик
асослари мустаҳкамланди. «Почта алоқаси тўғрисида»ги Ўзбекистон
Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини
тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4921-сон
Қарори қабул қилинди.
Почта алоқаси соҳасида белгиланган вазифаларни сифатли амалга оширилишида қонунчилик ижросини таъминлаш ғоят муҳимдир.
Шу мақсадда жорий йилнинг 28 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.
«Почта алоқаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага тегишли Қарори асосида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, «Гибрид почта» тизими орқали жўнатмалрни еткзиб беришни янада такомиллаштириш мақсадида барча почта алоқаси обектлари замонавий компютер ва кўп функцияли принтерлар билан таъминланди.
“Гибрид почта” жўнатмаларига ишлов бериш жараёнида қўл меҳнатини
қисқартириш мақсадида, 2 та «Neopost» автомат конвертлаш ускунаси харид
қилиниб, Тошкент шаҳрида ишлатилмоқда. Бугунги кунда, 250 дан ортиқ
давлат органлари ва ташкилотлари ушбу хизматдан фойдаланиб келмоқда.
Чекка ҳудудларда жойлашган 1 039 та почта алоқаси обектларида «Ягона
интерактив давлат хизматлари портали»дан фойдаланилган ҳолда 60 турдан
ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган.  Аҳолига почта
алоқаси хизматларидан контактсиз ва куну-тун фойдаланиш имкониятини
берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган почтаматлар
хизмати йўлга қўйилган. Бунинг учун 180 та почтаматлар ўрнатилган. Шу
билан бирга почта алоқаси миллий операторининг логистика тизими
яхшиланган, моддий-техник базаси янгиланган, почта алоқаси объектлари
замонавий жиҳозланган ва бошқа имкониятлар тақдим этилган.
Почта алоқаси йўналишида қабул қилинган қонунчилик
ҳужжатларининг ижросини ўрганиш жараёнида айрим камчиликлар
аниқланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини
тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4921-сон
Қарорида ҳудудларда почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш
бўйича лойиҳаларни амалга оширишга доир бандлари бажарилмаган. Бундай
бандлар жами 89 та бўлиб, улардан 68 таси бажарилган, қолган 21 та,
жумладан Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида 4 тадан, Сирдарё
вилоятида 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида 2 тадан,
Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида 1 тадан банд Маҳаллий ҳокимият
органлари томонидан маблағлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли
тўлиқ бажарилмаган. Бу эса йиғилишда иштирок этаётган халқ вакилларининг танқидига сабаб бўлди.
Депутатларнинг яна бир эътирозларига сабаб бўлган масала Почта алоқаси ривожланишининг интеграциялашган индексида Ўзбекистон ўрнини янада пастлаши бўлди. Қайд этилишича, дунё бўйича 170 мамлакат орасида Ўзбекистон 115-ўрин эгаллаган. Халқ вакилларига кўра ваколатли давлат органи аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиши ва йил якунига қадар ушбу индексда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаши шарт. Ўз ўрнида депутатлар мазкур масалани биргаликда ҳал қилиш таклифини илгари сурдилар. Қайд этилишича, Ўзбекистон 2023 йилда ушбу индексда 72-ўринни, 2025 йилда эса 50-ўринни эгаллаши лозимлиги белгиланган.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...