Мониторинг давомида 24 та вазирлик, 13 та давлат қўмитаии ва қўмиталар, 24 та агентлик, 9 та марказ ва 14 та маҳаллий давлат ҳокимиятидан таркиб топган ташкилотларнинг 2021 йилдаги фаолиятининг очиқлик даражаси ўрганилди.
Ўрганиш экспертлар ва хорижий мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси асосида амалга оширилди. Шунингдек, “Очиқлик индекси” рейтинги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг салоҳиятидан келиб чиқиб, гуруҳларга бўлиб шакллантирилди. Яъни, вазирликлар алоҳида, давлат қўмиталари ва қўмиталар алоҳида, агентликлар, марказлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг баллари алоҳида-алоҳида ҳисобланди.
Ўтказилган “Очиқлик индекси” мониторинги натижаларига кўра, вазирликлар кесимида Адлия вазирлиги (89,22), Давлат қўмиталари ва қўмиталар кесимида Давлат солиқ қўмитаси (89,49), агентликлар ичида Ёшлар ишлари агентлиги (88,07), марказлар ичида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (83,32) ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ичида Самарқанд вилояти ҳокимлиги (83,83) балл билан энг юқори кўрсаткичларни қайд этишди.
Шунинг билан бирга, “Очиқлик индекси” мониторингини баҳолаш бўйича экспертлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзархив” агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Наманган ва Хоразм вилоятларининг очиқлик сиёсатини олиб боришдаги фаол ўринларни қайд этишди.
“Очиқлик индекси” мониторинги натижалари Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида эълон қилинди. Йиғилишида рейтингда паст балл тўплаган Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига керакли тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгашининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, Жамоатчилик кенгаши томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги бўйича туркум семинарлар ташкил этилиши, Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида назорат-таҳлил тадбирларини ўтказади.
Азамат НЕМАТУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг масъул котиби