Адвокат бўлиш учун икки йиллик иш стажи талаби бекор қилинди

326
3 минуты
Адвокат бўлиш учун икки йиллик иш стажи талаби бекор қилинди

Адвокат бўлиш учун икки йиллик иш стажи талаби бекор қилинди


            Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг самарали институтларидан бири сифатида адвокатуранинг ўрни ва аҳамиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
            Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг умум-эътироф этилган қоидалардан бири сифатида инсон ҳуқуқи ва эркинликларини муҳофаза қилиш ва унинг кафолатини таъминлашга муҳим эътиборини қаратиб келмоқда. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳамма нарсадан устун қўйилиши Ўзбекистон Конституциясининг асосий моҳиятини ташкил этади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш адвокатлик институтини такомиллаштиришни тақозо этади, сабаби фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда энг кўп масъулият соҳа вакилларининг зиммасига тушади.
Таъкидлаш жоизки, адвокатура институтининг ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлашга, суд ишини юритишнинг барча босқичларига оид бир қанча тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, адвокатларнинг ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун зарур қонунчилик базаси яратилди. Аввало, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва соҳадаги муносабатларни тартибга солишда таянч вазифасини бажарди. Шу билан биргаликда, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг қабул қилиниши фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатура фаолиятининг самарали ишлаш механизми қонун даражасида ҳимоя қилинишининг ифодаси бўлди. Унга кўра адвокатларнинг мустақиллигини таъминлашда адвокат олиб бораётган ишларга аралашганлик ёхуд адвокатнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Натижада бўлажак ҳуқуқшунослар орасида адвокатура соҳасига қизиқиш ва соҳада ишлаш иштиёқи пайдо бўла бошлади.
           Бироқ адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун бир қанча зарур босқичлардан ўтиш талаб қилинади. Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилиши белгиланган. Лицензия олиш учун эса яқин кунларгача ҳуқуқшунослардан икки йиллик юридик соҳадаги иш стажи ва малака имтиҳони ҳамда айрим бюрократик тўсиқлардан ўтиш талаб қилинарди. Ушбу малака вақтининг белгиланган муддати кўплиги ҳуқуқшуносларни бу соҳадан узоқлашишига ва соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади. Эндиликда, адвокатурага ишга қабул қилиш тартиб-таомилини, шунингдек, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш тартибини соддалаштириш зарурати юзага келди.
          Шу каби муаммоларни бартараф этиш учун 2023 йил 9 август куни “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-1-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Бу эса ҳуқуқшунослар томонидан илиқ кутиб олинди. Боиси, мазкур Қонун билан «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш учун белгиланган иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. Адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс лицензия олиш учун адвокатлик тузилмасида камида 3 ой муддат стажировка ўташи керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шартлиги белгиланди.
         Ушбу Қонун адвокатура соҳасининг жозибадорлигини оширишга ҳамда мазкур соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратишга хизмат қилади деб ўйлаймиз.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...