Депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши белгиланмоқда

472
2 минуты
 Депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши белгиланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бугунги ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра Депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши белгиланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятда аёлларнинг ижтимоий мақомини кучайтириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишини, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлари таъминлаш борасида бир нечта қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 % ини ташкил этиши кераклиги белгиланди. Конституциянинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилди.
Ҳозирда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказий ўринларидан бири бу, албатта, давлат ва жамият ишларида аёллар фаоллигини ошириш ва уларга имкониятлар яратиш ҳисобланади. Бугунги кунда аёллар давлат ва жамият ишларида ҳамда сиёсий майдонда анча фаоллашган, парламентда, бошқарувда, сиёсий партиялар аъзолигида, тиббиёт ва таълимда, бизнес ва тадбиркорликда аёллар сони катта улушга эга. Жамият ва давлат ишларини бошқаришда аёлларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг вакиллик органларидаги улушини янада ошириш мақсадга мувофиқдир.
Шу сабабли, биз, бир гуруҳ депутатлар, қонун ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ролини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 % идан 40 % ига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқдамиз. Қонуннинг қабул қилиниши Конституцион нормаларнинг амалга кенгроқ татбиқ қилинишига, аёлларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтиришга, шунингдек уларнинг сиёсий фаоллигини  оширишга хизмат қилади.
Ҳинд сиёсий арбоби Махатма Ганди аёлларнинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳим эканлигини таъкидлаб қуйидаги фикрни билдирган эди: “Бир эркакни ўқитиш орқали биз бир инсонга таълим берамиз. Бир аёлни ўқитиш орқали эса бутун бир оилага таълим берган бўламиз”.
Аёлларимизнинг сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали биз бутун бир ўзбек халқининг сиёсий маданиятини оширишга хизмат қилган бўламиз!

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик
Палатасининг депутати
Сайдганиева Гулбаҳор Шарабидиновна.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...