Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Парламент ахборот маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида “Қонунчилик палатаси депутатларининг оммавий ахборот воситаларидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш” мавзусида семинар бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари ўтказилаётган семинарда депутатлар, таниқли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва экспертлар иштирок этмоқда.
Семинарда кириш сўзи билан иштирок этган Қонунчилик палатаси Спикерининг Рақамли ривожланиш ва ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари Одилжон Тожиев таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган жадал ва изчил ислоҳотлар жамиятимиздаги барча даражадаги давлат органлари қаторида парламентнинг ҳам қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти очиқлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қарашни тақозо этмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборотни олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларга Интернет жаҳон тармоғи ҳамда унинг ахборот ресурслари орқали парламент фаолияти билан яқиндан танишиш, Палатада муҳокама қилинаётган ва қабул қилинаётган қонун-лойиҳалари мазмун-моҳиятидан хабардор бўлиш, ўзлари сайлаган сайлов округидаги депутатларга масофадан туриб мурожаат йўллаш каби бир қатор имкониятлардан унумли фойдаланиши учун етарлича шароит яратилган.
Шунингдек, депутатлар корпусининг иш фаолияти, Қонунчилик палатасининг турли форматдаги мажлислари оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри, кенг ёритиб келинмоқда. Бундан ташқари, депутатларнинг “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ҳамда бошқа шу каби ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари очилган бўлиб, бу ҳар бир халқ вакилининг сайловчилар билан узвий алоқа ўрнатишини таъминлашга зарур шарт-шароитлар яратмоқда. Ижтимоий тармоқда сайловчиларнинг депутатлар билан мулоқотлари, уларга юбориладиган мурожаатлар парламент вакилларининг жойлардаги мавжуд муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишига, парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини амалга оширишига, қонун лойиҳалари юзасидан асосли таклифларни ўрганиш орқали қонунчилик базасини мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Қолаверса, депутатлар ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали мамлактимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда жаҳонда юз бераётган янгиликлар юзасидан депутат сифатидаги муносабатини билдириб бормоқда. Қонунчилик палатасининг расмий вебсайти — www.parliament.gov.uz ҳам депутатларнинг давлат аҳамиятига молик масалалар юзасидан муносабат билдириш, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларини профессионал қонун ижодкори сифатида шарҳлаш майдонига айланиб улгурган.
Бироқ бу борадаги ишларни ҳозирги шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда жадаллаштириш, жамиятда юз бераётган долзарб аҳамиятга эга масалаларни, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларни халққа ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали халқчил услубда етказиш, тушунтириш, бунда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳанузгача долзарб аҳамият касб этмоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошган. Шундан мобиль интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион кишини ташкил этмоқда. Бугунги кунга келиб, 95 фоиз аҳоли масканлари мобиль интернет билан қамраб олинган, 54 фоиз уй хўжаликларига юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг кенг қатлами меҳнат фаолияти ва ҳаётида бутунжаҳон Интернет тармоғи, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ва аҳамияти кескин ошиб бормоқда.
Семинарда қайд этилганидек, интернетдан асосий ахборот манбаи сифатида фойдаланувчилар сони ортиб бораётгани Қонунчилик палатаси депутатларидан замонавий SMM ва PR технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВлар билан ишлаш кўникмаларини янада ривожлантириш борасидаги фаолиятини янада жадаллаштиришни тақозо этади. Бу жараёнда ҳатто мобиль алоқа қурилмаларидан, улардаги техник имкониятлардан унумли фойдаланиш орқали сайловчиларга сифатли контент тайёрлаш, улар билан яқиндан алоқа ўрнатиш, замонавий медиа маконда медиасаводхонликни юксалтириш ва “фактчекинг” воситаларидан хабардор бўлиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Бундан ташқари, семинар иштирокчилари ижтимоий тармоқлар орқали сайловчилар билан мулоқот ўрнатиш жараёнида аҳолини қийнаётган масалаларни аниқлаш, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш ҳамда шу асосда қонунчилик ташаббусларини илгари суриш борасида бир қатор муҳим таклиф-тавсияларни ишлаб чиқишди.