
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йил иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишларида 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг биринчи устувор йўналиши бўйича белгиланган бандлар ижроси устидан самарали ва таъсирчан парламент назоратини олиб бориш вазифаси белгиланган.
Унга кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари Давлат дастурининг биринчи устувор йўналишидаги вазифалар ижросини тегишли масъуллар иштирокида ҳар ойда муҳокама қилиб бориши ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ёритиши назарда тутилган.
Ушбу вазифани ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ўз фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб, ҳар ойда тегишли вазирлик ва идоралардан Давлат дастурининг ижроси бўйича маълумотлар олиб келмоқда. Тақдим этилган маълумотлар асосида Қўмита муҳокамаси ўтказилиб, вазирлик ва идораларга таклиф ва тавсиялар бериб келинмоқда. Шундай муҳокамалардан бири 2022 йил 25 октябрь куни Давлат дастурининг 2022 йил 9 ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш доирасида бўлиб ўтди.
Қўмита масъуллигида кўриб чиқилиши назарда тутилган Давлат дастурининг тегишли бандлари жами 9 та бўлиб, асосан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, сайлов жараёнлари, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятларини рақамлаштиришдан иборат. Бугунги кунга келиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия ҳамда бошқа вазирликлар масъул бўлган мазкур бандларнинг 7 тасининг ижроси таъминланган бўлиб, қолган 2 та банд ижросининг оҳирги муддати этиб 2022 йилнинг декабрь ойи белгиланган. Шундай бўлсада, Қўмита томонидан вазирлик ва идораларга Давлат дастурининг тегишли бандлари ижросининг сўнгги муддатларини кутмасдан, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинди.
Азамат Нематуллаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалри қўмитасининг катта референти