Лицензия олиш жараёнлари соддалашди

626
3 минуты
Лицензия олиш жараёнлари соддалашди

Сўнгги йилларда нафақат тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган инсонлар, балки оддий фуқаролар ҳам солиқ, ижара, лицензия ва шунга ўхшаш бошқа атамаларга тез-тез тўқнаш келишмоқда. Бу каби иқтисодий атамалар ўзи нимани англатади? Бугунги мақоламизда сизларга лицензия ҳақида маълумот бермоқчимиз.

“Лицензия” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “ҳуқуқ” деган маънони билдиради ва муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини англатади. Лицензия – бу муайян фаолиятни амалга ошириш учун ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган рухсатнома.

Лицензиялар давлат томонидан мамлакат фуқароларининг ҳаёти ва саломатлигини, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, давлат хавфсизлигини, атроф-муҳитни ва маданий меросни ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилади.

Сўнгги йилларда юртимизда лицензия олиш бир нечта мураккаб жараёнлардан иборат эди. Тадбиркорлар лицензия олиш учун бир қанча бюрократик тўсиқлар билан ҳисоблашишига тўғри келарди. Бундай овворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида 2020 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6044 сонли Фармони имзоланди ва у лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишни янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос бўлди. Қувонарлиси шундаки, Фармон билан лицензияланадиган фаолият турларининг аниқ рўйхат тасдиқланди. Бу тадбиркорларга фаолият турини лицензияланиши кераклиги ҳақида олдиндан хабардор бўлиш имконини берди. Шу билан бирга, ушбу Фармон асосида 2021 йил 14 июлда “Фаолиятни айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлар бирлаштириш йўли билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг яхлит Қонуни қабул қилинди.

Қонунга кўра лицензия жисмоний ёки юридик шахсга бериладиган, лицензия талаблари ва шартларига мажбурий равишда риоя этилган тақдирда фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат этиб белгиланди. Унда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг ягона ва шаффоф тартиби ўрнатилди. Ушбу Қонунда лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари ҳақида батафсил қоидалар мавжуд.

Қолаверса, мазкур Қонунда лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнлари, соҳасидаги давлат назорати, шунингдек лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари ва айрим фаолият турларидан ташқари деярли барча фаолиятлар учун муддатсиз лицензиялар берилиши белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, у яратган қулайликлардан яна бири лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш махсус электрон тизим орқали амалга оширилишидир. Энди фуқаролар ҳужжат кўтариб сарсон бўлишмайди ва антикоррупционал тизим орқали янада қулайликка эга бўлишади.

Қисқа қилиб айтганда   “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштиришга ёрдам бермоқда.

  • Комментарии
Загрузка комментариев...