Энди бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади

843
2 минуты
Энди бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар янги таҳрирдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Маълумот учун: Амалдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1999 йил 20 августда қабул қилинган. Қонун 28 та моддадан иборат бўлиб, ўтган даврда жами 12 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Эътиборли жиҳати шундаки янги таҳрирда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қанча қулайликлар яратилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳасига кўра энди банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензияси талаб этилмайди.
Бугунги кунга қадар янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмаганлиги сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда эди. Шундай оворагарчиликларни олдини олиш мақсадида бундан кейин бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади. Кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилади. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.
Шу билан бирга қонун лойиҳаси билан амалдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига олдин мавжуд бўлмаган қатор янги нормалар киритилмоқда. Жумладан, асосий атамалар халқаро нормаларга мувофиқлаштирилмоқда, оператор ва провайдерларнинг ўзаро тармоқ хизматларини аҳолига кўрсатиладиган телекоммуникация хизматларидан фарқлаш мезонлари киритилмоқда. Соҳа учун масъул органлар белгиланиб, уларнинг ваколатлари ўзаро тақсимланиб, вазифалари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамровини ҳамда сифатини оширишга, Интернетдан фойдаланиш имкониятининг кенгайиши эса аҳолининг давлат хизматларидан фаол фойдаланишлари, электрон тижоратни амалга оширишлари ҳамда ўзлари учун зарур бўлган ахборотни излашлари, олишлари ва тарқатишлари сингари конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишига хизмат қилади.
Кўплаб фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган йиғилишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...