“Mening fikrim” веб-портали фаолияти янада такомиллаштирилади

290
2 минуты
“Mening fikrim” веб-портали фаолияти янада такомиллаштирилади
2023 йилнинг 26 декабрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Mening fikrim” веб-портали фаолиятини янада такомиллаштиришга оид семинар ўтказилди.
Коллектив мурожаатларни йўллаш фуқароларнинг давлат сиёсий ҳаётида иштирок этишининг муҳим воситаларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасига асосан ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Фуқароларнинг бундай конституциявий-сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида 2018 йилда «Mening fikrim» махсус веб-портали ишга туширилган эди. Порталнинг асосий вазифалари этиб мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш белгиланган.
Портал интернет тармоғида аҳоли долзарб деб ҳисоблаган ташаббусларни билдириш мумкин бўлган махсус майдон бўлиб, тегишли ташаббусни муайян миқдордаги фуқаролар қўллаб-қувватлаганда (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур) уни Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари томонидан кўриб чиқиш мажбурий ҳисобланади.
Бироқ қарийб бир йил давомида портал деярли фаолият кўрсатмаган. Бунинг асосий сабаблари этиб кейинги йилларда “Mening fikrim” ресурсига жамоатчиликнинг қизиқиши кескин камайгани кўрсатилмоқда, бу бир қатор объектив сабаблар билан изоҳланади:
- Портал фаолиятини, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот ресурсларида эришиладиган натижаларни ёритиш механизмининг йўқлиги;
- Портал ишида фойдаланувчиларни иштирок этишга қизиқишларини оширадиган муҳим технологик хизматларнинг йўқлиги;
- Портал дизайни замонавий талабларга жавоб бермаслиги;
- Социологик маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш механизмларининг ривожланмаганлиги;
- ННТ вакилларининг ижтимоий аҳамиятга эга мақсадларга эришиш учун порталдан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида хабардорлигининг паст даражаси ва бошқалар.
Коллектив электрон мурожаатларни ташкил этиш амалиётини такомиллаштириш, Портал фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг ишига Қонунчилик палатаси депутатлари ва сиёсий партияларни кенгроқ жалб этиш мақсадида ташкил этилган мазкур семинарда сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилиш якунида Портал фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашига маълумот киритишга келишиб олинди.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...