Елена Бабенко: "Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатнинг асосий асосий сабаби – бу назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўйича давлат хизматининг фаолиятидир"

857
7 минут
Елена Бабенко: "Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатнинг асосий  асосий сабаби – бу назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўйича давлат хизматининг фаолиятидир"
Қонунчилик палатаси депутати - Eлена Бабенко ўтган йилнинг ноябрь ойида, Конституцияга фуқароларнинг "Тирик мавжудодларга инсоний муносабатда бўлиш" мажбуриятини киритишни таклиф қилган эди.
Бу ташаббус жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланди.

Суҳбат давомида ушбу ташаббуснинг тафсилотларини билиб олдик. Марҳамат, танишинг!

- Елена Владимировна, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат масалалари тез-тез кўтарилмоқда. Биламан, сиз бу муаммо билан шахсан шуғулланмоқдасиз. Илтимос, ушбу муаммонинг сабабларини келтириб беринг ва нима учун бундай ҳолатлар содир бўлмоқда?

Афсуски, бу яқин орада юзага келган муаммо эмас. У узоқ вақтдан бери мавжуд. Лекин, ҳақиқатан ҳам, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар бу муаммони сўнгги пайтларда айниқса фаол кўтара бошлади. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатлар ҳақидаги хабарлар ва шикоятлар тобора кўпайиб бормоқда. Дарвоқе, мен фаолият юритаётган Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасига ҳам ҳайвонларга нисбатан ғайриинсоний муомала ҳолатлари юзасидан ариза ва шикоятлар тез-тез келиб туша бошлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, жиноий жавобгарлик жорий этилганига қарамай, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари камаймаяпти. Уларнинг аксарияти жазосиз қолмоқда, кўриб чиқилмаяпти ва бу ўз навбатида бундай ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

2022-йилда Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан депутатларимиз ташаббуси билан мазкур масала юзасидан назорат-таҳлилий ишлар амалга оширилди. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиология хизмати ва Тошкент вилояти ҳокимлигига тегишли сўровлар киритдик. Бу борадаги реал вазият ҳақида расмий тузилмалардан маълумот олдик. Тақдим қилинган маълумотлар кўриб чиқилди ва таҳлил қилинди. Сўнг қўмита ишчи гуруҳи билан Тошкент вилоятининг Ангрен, Охангарон ва Олмалиқ шаҳарларига чиқдик. У ерда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари қошидаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш хизматлари фаолияти билан жойларда танишилди. Мавжуд тизимни тубдан ва зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатувчи кўплаб салбий асослар аниқланди.

Умуман олганда, шавқатсиз муносабатда бўлиш муаммосининг ўзи бевосита иккита асосий омил билан боғлиқ. Биринчиси, жамият иштирокида ҳайвонларга нисбатан ахлоқий муносабатнинг йўқолишидир. Жамиятнинг бир қисми,шунчаки ҳайвонларга нисбатан маънавий ахлоқий муносабатини йўқотди. Иккинчи омил эса давлат хизматларининг фаолияти ва қаровсиз ҳайвонларнинг таъминотидир. Айтмоқчиманки, биринчи ҳолатда биз сабабни меҳр-мурувват, раҳм-шафқат йўқлигида, атрофимиздагиларнинг тирик жонзотларнинг борлигини қабул қилмаслик, қўрқув, тажовуз ва жирканишликдир. Аммо иккинчи сабаб, албатта, мақсад ҳар қандай йўл билан уларни йўқ қилишдир, чунки улар ҳайвонларни отадилар, заҳарлайдилар, қийнаб ўлдирадилар. Буларнинг барчаси кўчаларда, аҳоли пунктларида ҳайвонлар сонини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу иккала омил бизга комплекс чора-тадбирлар зарурлигини кўрсатади. Бизнинг жамиятимизга инсонийлик ва экологик маърифат керак. Ҳайвонларга муносабатнинг ахлоқий тамойилларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурдир.

Агар халқаро ҳуқуқий тажрибага ва халқаро қонунчиликка мурожаат қиладиган бўлсак, кўпгина давлатларда, айниқса ривожланган мамлакатларда ҳайвонларга муносабат қонун билан қатъий тартибга солинганини кўрамиз. Юқори жарималар белгиланади, ҳайвонларни мажбурий стерилизация қилиш ва кастрация қилиш, мажбурий чиплаш ва албатта қамоққа олиш тарзидаги жиноий жазо белгиланган. Масалан, Нидерландияда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлиги учун 3 йил қамоқ ва 17 000 евро жаримага тортилишингиз мумкин. Австрияда ҳайвонларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлганлик учун жарима миқдори 2 дан 15 000 еврогача. Италияда ҳайвонни кўчага ташлаганлик учун бир йил қамоқ ёки 10 000 еврогача жаримага тортилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон қонунчилигида ҳайвонларга муносабатни ва уларнинг ҳимоясини тартибга солувчи етарли ҳуқуқий база мавжуд эмас. Бизда алоҳида моддалар мавжуд. Агар шафқатсиз муносабатнинг асл сабаби ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ўзим учун қуйидаги хулосага келдим - бу қаровсиз ҳайвонларни овлаш бўйича давлат хизматларининг фаолиятидир. Айнан у бошқа фуқаролар учун салбий намуна бўлиб хизмат қилади. Ахир, овловчилар, қоида тариқасида, ҳайвонларни ўлдирганлик учун жавобгарликка тортилмайди. Фуқаролар учун эса худди шу ҳаракатлар учун жарима ва ҳатто қамоқ жазоси ҳам мавжуд. Менимча, бу икки хил стандартлардир. Улар на давлатга, на жамиятга обро қелтирмайди ва биз бу икки хил стандартлардан халос бўлишимиз зарур.

- Ушбу маълумотларингиз учун раҳмат. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, ҳар биримиз бу ҳақда чуқур ўйлашимиз керак. Саволим шуки, шаҳарларимиз кўчаларида назоратсиз кўплаб қаровсиз ҳайвонлар бўлмаслиги учун қандай чоралар кўриш керак деб ўйлайсиз?

- Хўш, юқорида айтганимдек, комплекс чора-тадбирлар кўришимиз керак бўлади. Давлатнинг ҳозир қилаётган ишлари, яъни шаҳар кўчаларида махсус хизматлар томонидан ушланган қаровсиз ҳайвонларни йўқ қилиш бу муаммони ҳал қилишнинг мақул усули эмас. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, итлар ёки мушуклар сонини камайтириш учун қанча кўп йўқ қилинса, улар шунчалик фаол кўпаяди. Бу ерда турларнинг сақланиш биологик қонуни ишлайди. Бунга кенг қамровли чоралар кўриш керак бўлади.

Биринчидан,қонунчилик даражасида. Айни пайтда Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи алоҳида қонун ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳайвон эгаларининг масъулиятини ҳам, инсонпарварлик тамойилларига риоя қилишни ҳам, тирик мавжудотлар олдидаги ахлоқий мажбуриятларни ҳам таъминлайди. Шунингдек, биз ҳайвонларни сайр қилдириш қоидаларини бузиш, қаровидаги уй ҳайвонларини кўчага улоқтириш, ёрдам кўрсатмаслик, назоратсиз кўпайтириш учун жавобгарлик жорий этишни режалаштирганмиз, яъни ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жарима миқдорини ошириш орқали жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Умуман олганда, жарималарнинг бир қисми махсус ёрдам жамғармасига, ит ва мушукларнинг бошпаналарига йўналтирилишини режалаштирганмиз.

Иккинчидан, биз барча уй ҳайвонларини рўйхатдан ўтказишимиз, ҳисобини олишимиз ва чиплашимиз керак. Итлар, мушуклар ва уларнинг эгалари учун реестр ёки маълумотлар базасини яратишимиз лозим. Бу кўчалардаги қаровсиз ҳайвонларни аниқлашимиз ва шу маълумотларга асосланиб, кўчада ёлғиз ҳолда юрган ҳайвонларнинг эгаларини аввал маъмурий, кейин эса жиноий жавобгарликка тортишимиз, йўқолган уй ҳайвонларини уйга қайтаришимиз учун муҳим. Шунингдек, мен ҳайвонларни оммавий кастрация ва стерилизация қилишни, ҳайвонларнинг назоратсиз кўпайиши учун жаримани жорий этиш зарур деб ҳисоблайман. Биз ветеринария шифокорларини стерилизация қилиш бўйича ўқитишимиз керак. Умуман олганда, вилоят ва туманларда мутахассис топиш деярли иложсиз.

Бундан ташқари, алоҳида тузилма яратишимиз керак. Бу махсус ваколатли орган бўлиши керак, унинг вазифалари ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилиш, ҳайвонларни қутқариш, ҳайвонларни сақлаш талабларига риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, уйсиз ва қаровсиз ҳайвонлар сонининг кўпайишини назорат қилишдир. Қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш хизматларини эса бекор қилиш керак. Давлат ва давлат-хусусий бошпаналарни қуриш ва таъмирлаш жуда муҳим. Энди бу муаммо шундай маддалаб кетган босқичидаки, уни давлат ёрдамисиз ҳал қилиб бўлмайди. Бошпанасиз ҳайвонлар учун бошпана қуриш ва таъмирлашга инвесторлар ва хусусий тадбиркорларни жалб этиш, уларга солиқ имтиёзлари, устуворликлар бериш, хайрия маблағлари ва жарималар ҳисобидан қутқарилган ҳайвонларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш зарур бўлади.
Итлар ва мушуклар инсониятнинг омон қолиши, ривожланиши ва хавфсизлигида жуда муҳим рол ўйнаганини унутмаслигимиз керак. Донолардан бири инсоният пайдо бўлишида ит одамни йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қилган, энди эса инсон итни шафқатсиз инсонлардан ҳимоя қилиши керак, деган.

- Елена Владимировна барча фикрларингиз тўғри ва асослидир, Қизиқарли суҳбат учун раҳмат. Ташаббусларингизни амалга оширишда муваффақиятлар тилаймиз.
  • Комментарии
Загрузка комментариев...